Тоҳир Шарипов ўзбек мисидан Tesla ва Ferrari эҳтиёт қисмлари тайёрланишини айтди

Tohir Sharipov
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мис Tesla, Mercedes, Rolls-Royce ва Ferrari каби брендлар автомобилларининг айрим эҳтиёт қисмларида қўлланади. ProCab асосчиси Тоҳир Шарипов бу ҳақда электротехника соҳасидаги тадбиркорлар билан учрашувдан кейин «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида гапирди. Шариповнинг таъкидлашича, мамлакатда мисни фақат хомашё сифатида сотиш ўрнига, уни қайта ишлаб, қўшимча қиймати юқори маҳсулотлар тайёрлаш муҳим. У бу ёндашувни маъқуллаб, Ўзбекистонда 47 миллион тонна мис захираси борлиги ҳақидаги маълумотни катта имконият сифатида баҳолади. Унинг ҳисобича, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 500 минг тоннага етказилса ҳам, мавжуд захира узоқ йилларга етиши мумкин. Тадбиркор айрим тайёр кабель маҳсулотлари хомашёга нисбатан анча қимматга сотилишини мисол қилиб келтирди. Унинг сўзларига кўра, бир контейнер кабель маҳсулоти 1,5–2 миллион долларга, маҳсулотнинг бир тоннаси эса 150–200 минг долларга баҳоланиши мумкин. Шунингдек, бозорда танқис бўлган айрим турдаги маҳсулотларни ҳам келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш режалари борлигини айтди. Шарипов президент уни Электротехника тадбиркорлари кенгаши раиси лавозимига тавсия қилганини кутилмаган таклиф деб атади. У бундан ҳаяжонланганини, ишонч билан бирга катта масъулиятни ҳам ҳис қилганини билдирди. Интервьюда тадбиркор келгуси йилдан бошланиши айтилган «1000 муҳандис-конструктор» дастури ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг баёнига кўра, маҳаллий мутахассислар Корея, Япония, Хитой, Туркия ва Европа давлатларида малака оширади, дастур харажатлари эса тўлиқ қопланади. Шарипов бу ташаббус тажрибали муҳандисларни тайёрлаш ва соҳадаги режаларни тезроқ амалга оширишга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Sursa ↗